Jump to content

Барометр

From Vikipediya

Барометр (юн. барос — оғирлик - метр) — атмосфера босимини ўлчашда ишлатиладиган асбоб. Турли хиллари бор: 1) симобли Б.; гидростатик қонунларига асосланиб ясалган; 2) металл Б. ёки анероид; қаттиқ жисмнинг эластиклигига асосланиб ясалган; 3) гипсотермометр ёки термобарометр; суюқлик қайнаш температурасининг ташқи атм босимига боғлиқлигига асосланиб ясалган; 4) газ Б.; газларнинг эластиклик хоссасига асосланиб ясалган; 5) нормал Б.; метеорологик стансия тармоқларидаги Б.лар учун эталон вазифасини бажаради. Метеорологик стансия тармоқчаларда энг кўп тарқалган симобли Б. узунлиги 1 м га яқин келадиган бир учи берк шиша найдан иборат. Найга симоб тўлдирилиб, симобли металл косага тўнтарилса, шиша найдаги симоб устуни ташқи атмосфера босими билан мувозанатлашгунча найдаги симобнинг маълум қисми металл косага тўкилади. Шиша найдаги симоб устида бўшлиқ (Торричелли бўшлиғи) ҳосил бўлади. Симобли Б. баъзан металл косасиз, фақат шиша найдан ясалади. Бундай Б. узун ва қисқа тирсакдан иборат бўлиб, сифонли Б. дейилади. Узун тирсагининг учи берк, қисқа тирсагининг учи очиқ ва кенгроқ бўлади. Атмосфера босими камайганда кенгроқ жойга симоб оқиб тушади. Сифонли Б.ларда атмосфера босим очиқ ва берк найлардаги симоб устунлари фарқига қараб топилади. Атмосфера босими ўзгаришларини узлуксиз қайд қилиб борадиган асбоб барограф дейилади.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил